

Ўйиндан кейин "ФарДУ" бош мураббийи Шавкат Юсупов матбуот анжуманида иштирок этди.
- Ўйин ҳақида фикрингиз?
- Томошабоп ўйин бўлди. Стадионга келиб бизни қўллаб турган мухлисларга раҳмат айтаман. Баҳс охиригача бизни олқишлаб туришди, бундан жуда хурсандмиз. Баҳс охирида киритилган тўп бизни мағлубиятдан қутқариб қолди. Футболчиларимизда чарчоқ аломати сезилди. Бугун майдонда кўп куч йўқотдик. Энди кейинги учрашувга тайёргарлик кўрамиз. Пролигада осон ўйинлар бўлмаяпти, ҳамма борини беряпти. Чемпионат энди бошланди, насиб қилса кейинги учрашувларда ғалаба қозониб клубимиз раҳбариятини хурсанд қиламиз.
- Захирадан тушган Бобурбек Фарҳодов гол уриб сўнгра жароҳат сабаб яна захирага олинди. Унинг жароҳати қанчалик жиддий?
- Бобурбекда "Жайхун" билан ўйинда оғриқ бор эди. Шу боис Ғузорга олиб кетмадик. У шу ерда қолиб даволанишни давом эттирди. Бугун вазиятдан келиб чиққан ҳолда майдонга туширдик, ўзини кўрсатиб гол урди, бироқ жароҳати тўлиқ битмаганидан яна оёғида оғриқ ҳис қилди.
- Соҳиб Муҳаммадиев жароҳатидан тузалиб майдонга қайтди. Унинг ўйини борасида фикрингиз?
- Соҳибни қишки йиғин пайтида жамоага қўшиб олгандик. Мавсумолди ўртоқлик учрашувларида ўзини кўрсатиб, деярли ҳар ўйинда гол урди. Аммо охирги ўртоқлик учрашувида жароҳат олиб, чемпионат бошини ўтказиб юборди. Бугун унга ҳам имкон бердик. Кейинги ўйинларда ҳам ёрдам беради деган умиддамиз.
- Жамоангиз асосан "иккинчи қават"да яхши ўйнаб, стандарт вазиятлардан гол уряпти. Бу услубни рақиблар тезда ўрганиб олиши мумкин, шундай паллада иккинчи режа борми?
- Стандарт вазиятлар ҳозирги футболнинг асосий қисмларидан бири бўлиб қолди. Ҳозир ҳамма жамоалар стандартга катта урғу беряпти. Биз ҳам бу борада машғулотларда ишлаяпмиз. Бош билан яхши ўйнайдиган ҳимоячиларимиз ва ҳужумчиларимиз бор. Бўйдор футболчимиз Ризо Айвазов ўйнамаган тақдирда бошқа бўйи кичиклар билан бошқача услубда тўп тепамиз.
- Апрель ойи "Боксинг дэй" бўляпти. Кейинги тур "Арал"га қарши баҳс сунъий майдонда кечади. Бу ҳолат жамоа ўйинига қанчалик таъсир қилади?
- Чиндан ҳам Нукусда сунъий майдонда ўйнаймиз. Лекин бунга катта эътибор бермаймиз, чунки сунъий майдонда ўйнаш бўйича бизда ҳам кўникма бор.
- "Ғазалкент" бош мураббийи майдон юмшоқ экан, бу эса ўйинимизга таъсир қилди деган фикрни билдирди. Майдон ҳолати сизга қанчалик таъсир қилди?
- Ҳамма мураббийлар фикрини ҳурмат қиламан. Кимдир баланд ажриқда ўйнайди, кимдир паст майдонда тўп тепади. Ҳамма майдонлар бир хил эмас. Ўтган йил ҳам шу майдонда тўп тепганмиз, бу йил ҳам шу ерда уй учрашувларини ўтказяпмиз.



