

RMC Sport нашри хабарига кўра, иқтидорли футболчи нафақат жорий мавсумнинг қолган қисмини, балки шу йил ёзда бўлиб ўтадиган Жаҳон чемпионатини ҳам ўтказиб юборади.
ЕЧЛ 1/4 финали доирасидаги ПСЖга қарши баҳсда (0:2) Экитике майдонни замбилда тарк этган эди. Дастлабки тиббий хулосаларга кўра, ҳужумчининг ахилл пайлари узилган бўлиши мумкин. Чоршанба куни ўтказиладиган чуқурлаштирилган тиббий кўрик ушбу ташхисни тасдиқлаши кутилмоқда.
Ортопед-хирург Николя Бодрие L’Équipe нашрига берган интервьюсида вазиятга шундай баҳо берди:
"Кадрларга қараганда, бу бошқа нарса бўлиши мумкин эмас. У икки марта ўрнидан туришга ҳаракат қилди, лекин юра олмади. Бундай жароҳатлар одатда рақиб билан тўқнашув натижасида эмас, балки кескин ҳаракат ёки сакраш оқибатида юзага келади. Футболчилар буни "оёққа тушган яшин зарбаси"дек ҳис қилишади".
Агар ахилл пайларининг тўлиқ узилиши тасдиқланса ва жарроҳлик амалиёти ўтказилса, футболчининг майдонга қайтиши учун камида тўққиз ой вақт талаб этилади. Бу эса унинг ЖЧ-2026 мусобақасида иштирок этиш орзуларини чипакка чиқарди.
Эслатиб ўтамиз, Франция миллий терма жамоаси учун бу мундиал олдидан жуда оғриқли йўқотиш ҳисобланади. Экитике "Ливерпуль" сафида ҳам жорий мавсумда асосий фигуралардан бирига айланиб улгурган эди.


