

Жорий мавсумда у қайд этаётган сермаҳсуллик омманинг эътиборини ўзига тортмасдан қолмаяпти. Унинг фаолияти нафақат совринлар, балки майдондаги доимий меҳнати ва статистикаси билан ҳам эътиборга молик. Қуйида футболчининг Суперлигадаги йиллар кесимидаги батафсил статистикаси ва фаолият йўлига назар ташлаймиз.
Ёшлик даври ва "Бунёдкор"даги шаклланиш (2012–2017)
Достон катта футболга 2012 йилда кириб келди. У Эронда бўлиб ўтган ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионатида Дилшод Нуралиев бошчилигидаги терма жамоанинг муҳим бўғини сифатида порлади. Кейинчалик 2013 йилги U-17 Жаҳон чемпионатида ҳам ўз маҳоратини намойиш этди.
2014 йил "Бунёдкор" клуби учун стратегик ўзгаришлар йили бўлди. Академия тарбияланувчиси Сергей Лушчан бош жамоага тайинлангач, Достон Ҳамдамов, Акрамжон Комилов ва Забиҳилло Ўринбоев каби ёш иқтидорларни асосий таркибга жалб қилди.

Дебют: 2014 йилги мавсум иккинчи даврасида "Қизилқум"га қарши ўйинда Суперлигада дебют қилган Достон, илк ўйинидаёқ гол уриб, мухлислар эътиборини қозонди. Кейинги турда “Машъал” дарвозасига ҳам йўл топди. Қизиғи, дарвозани шу куни рақиб сафида Санжар Қувватов қўриқлаган.
Эътироф (2015): Ҳамдамов "Бунёдкор"нинг асосий ўйинчисига айланди. Янги Зеландиядаги U-20 Жаҳон чемпионатида Гондурас ва Австрия дарвозасини ишғол қилди. Йил якунида у Осиёнинг энг яхши ёш футболчиси деб топилди.
Барқарорлик (2016-2017): 2016 йилда Шомуродов, Ўринбоев ва Ҳамдамов триоси "Бунёдкор"ни кумуш медалларга етаклади. Бу йилда у элитада 29 та баҳсда 9 та тўп киритди. 2017 йилда эса Достон шахсий рекордини ўрнатиб, 30 та ўйинда 14 та гол муаллифи бўлди.

"Пахтакор" ва фаолиятдаги ўзгаришлар (2019–2025)
2019 йилдан бошлаб Ҳамдамов ўз ўйинида барқарорликни сақлашга интилди. "Пахтакор" сафида Шота Арвеладзе қўл остида у янада эркинроқ ва ҳужумкор ўйин кўрсатди. Хусусан, 2020 йилги мавсумда 26 та ўйинда 9 та гол уриб, жамоасининг муваффақиятларига муносиб ҳисса қўшди.
Сўнгги йилларда у турли жароҳатлар ва тактик ўзгаришлар сабаб ўйин амалиётида бироз пасайиш кузатилган бўлса-да, майдондаги фаоллигини йўқотмади. 2024 ва 2025 йилги мавсумларда у ўртача 5 тадан гол уриб, тажрибали футболчи сифатида ўз ўрнини сақлаб қолди.
2026 йил: Янги босқич?
2026 йилги мавсум Ҳамдамов учун мутлақо янги суръатда бошланди. Футболчи жорий мавсумда 8 та турда 6 та гол уришга эришди.
Бугунги кундаги кўрсаткичлар Достон Ҳамдамовнинг анча тетик ва юқори спорт формасида эканлигини кўрсатмоқда. У нафақат тажрибаси, балки майдондаги самарадорлигини ҳам сезиларли даражада оширди. Мавсум ҳали олдинда эканлиги ва ҳозирги темпни ҳисобга олсак, Достон ўз карьерасидаги шахсий рекордларни янгилаб, фаолиятидаги энг ёрқин мавсумини ўтказиши учун барча имкониятларга эга. Ҳамдамов бугунги кунда ҳам ўзбек футболининг ҳисоблашиш керак бўлган муҳим фигураси эканлигини исботламоқда. Фабио Каннаваро унга ўтган мавсумдаёқ эътибор қаратгани бежиз эмас.
Суперлигадаги йиллар кесимида статистика
Достон Ҳамдамовнинг йиллар давомидаги ўйинлари ва урган голлари унинг спорт формаси ҳамда жамоадаги ролини акс эттиради. Футболчининг Суперлигадаги фаолиятига оид асосий рақамлар қуйидагича:
2014 йил: 8 та ўйин, 4 та гол
2015 йил: 25 та ўйин, 10 та гол
2016 йил: 29 та ўйин, 9 та гол
2017 йил: 30 та ўйин, 14 та гол
2019 йил: 22 та ўйин, 7 та гол
2020 йил: 26 та ўйин, 9 та гол
2021 йил: 12 та ўйин
2022 йил: 14 та ўйин, 3 та гол
2023 йил: 25 та ўйин
2024 йил: 24 та ўйин, 5 та гол
2025 йил: 27 та ўйин, 5 та гол
Абдулазиз Искандаров


