Доннарумма — ФИФА талқинига кўра 2025 йилнинг энг яхши дарвозабони

Sherzod Nurmatov
16 дек 2025, 17:35
"Манчестер Сити" ва Италия терма жамоаси дарвозабони Жанлуижи Доннарумма 2025 йилнинг энг яхши посбони деб эътироф этилди.

Бу ҳақда ФИФА матбуот хизмати хабар берди.

Жорий йилда италиялик футболчи ПСЖ билан Франция чемпионлигини қўлга киритди, шунингдек, Чемпионлар Лигаси ва мамлакат Кубогида ғалаба қозонди. Ёзда Жижи 35 миллион евро эвазига "Манчестер Сити" сафига ўтди.

Бундан ташқари, у Чемпионлар Лигасида мавсум рамзий терма жамоасидан ҳам жой олганди.

Айни пайтга қадар Доннарумма "шаҳарликлар" либосида 18 ўйин ўтказиб, 16 та гол ўтказиб юборди ва 8 бор дарвозасини дахлсиз сақлаб қолди.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йили "The Best FIFA-2024" мукофотини "Астон Вилла" дарвозабони Эмилиано Мартинес қўлга киритган эди.


Sherzod NurmatovМуаллиф
Манба: fifa.com