"Бавария" Жексонни сотиб олишдан воз кечди, аммо АПЛнинг 4 та клуби форвард учун курашишга тайёр

Sherzod Nurmatov
23 фев 2026
"Бавария" "Челси"дан ижарага олинган ҳужумчи Николас Жексонни харид қилиш бандини фаоллаштирмоқчи эмас.

Бу ҳақда "TEAMtalk" хабар бермоқда.

Шу тариқа, мавсум якунида 24 ёшли сенегаллик ҳужумчи Лондон клуби ихтиёрига қайтиб боради. Бироқ у "кўклар" таркибида узоқ қолиб кетмаслиги эҳтимоли катта.

Манба маълумотига кўра, Жексонга Англия Премьер-лигасининг бир неча клублари — "Манчестер Юнайтед", "Ньюкасл Юнайтед", "Тоттенхэм Хотспур" ва "Астон Вилла" қизиқиш билдирмоқда. "Челси"да футболчининг Германиядаги ўйинлари давомида бозор қиймати пасайганини тушунишади, аммо эҳтимолий трансфер суммаси ҳозирча очиқланмаган.

Жексон жорий мавсум барча мусобақаларда 22 ўйин ўтказиб, 5 та гол урди ва 1 та голли пас узатди. Унинг "Челси" билан шартномаси 2033 йилнинг ёзигача амал қилади.

Transfermarkt маълумотига кўра, ҳужумчининг нархи 45 млн еврони ташкил қилади.


Sherzod NurmatovМуаллиф
Манба: TEAMtalk