Асрор Гафуровга Сербия клубидан таклиф тушди

Narzulla Saydullayev
3 сен 2015
Хабарингиз бор, 2015 йилнинг январида Туркия биринчи лигаси иштирокчиси “Манисаспор”га кўчиб ўтган “Пахтакор” футбол академияси тарбияланувчиси Асрор Гафуров ушбу жамоа билан тузилган шартномасини яқинда бекор қилган эди.

Боиси ёш истеъдодли ҳимоячи 3,5 йиллик шартнома имзолаган мазкур клуб ўтган мавсум якунларига кўра Туркиянинг иккинчи лигасига тушиб кетди. Қоидага кўра, иккинчи лигада легионер футболчи тўп суриши мумкин эмас. Қолаверса, ҳамюртимиз ҳам бу лигада ўйнаш ниятида бўлмагани сабабли томонлар ўзаро келишган ҳолда ўртадаги шартномани бекор қилишганди.

Маълум бўлишича, ўтган йили Турк биринчи лигасида порлаб чиққан қанот ҳимоячимизга Сербиядан чақирув бўлмоқда. Серб супер лигасида иштирок этадиган жамоалардан бири Асрорни ўз сафида кўриш ниятида. Шу боисдан ҳозирда унинг агенти мазкур масала юзасидан музокараларга киришди. Агар барчаси муваффақиятли якунланиб, томонлар ўзаро келиша олишса, Сербия чемпионатида тўп сурадиган ўзбекистонлик футболчилар сони икки нафарга етади.
Биласиз, ҳозирда Сербиянинг “Явор” клубида Ўзбекистон миллий терма жамоасига номзод футболчи Ҳусниддин Ғофуров фаолият олиб бормоқда.


Narzulla SaydullayevМуаллиф
Манба: sports.uz