

"Реал" ҳимоячиси Трент Александер-Арнолд интизомий қоидабузарлик туфайли "Атлетико"га қарши дерби учун асосий таркибга киритилмади. Ла Лиганинг 29-тур учрашуви "Сантьяго Бернабеу"да бўлиб ўтади.
Marca нашри хабарига кўра, Альваро Арбелоа англиялик футболчини ҳафта охиридаги машғулотлардан бирига кечиккани учун захирада қолдиришга қарор қилган. "Реал"нинг асосий таркибида ўнг қанот ҳимоячиси ўрнида Даниэль Карвахаль майдонга тушади.
Хабарларга кўра, Трент ўзини асосий таркиб ўйинчиси сифатида кўрсатганига қарамай, мураббий жамоада тартиб ва интизомни сақлаш учун унга нисбатан чора кўришни зарур деб ҳисоблаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ "Барселона" бош мураббийи Ханс-Дитер Флик ҳам футболчиларга нисбатан шундай жазо чораларини қўллаган эди – немис мутахассиси кечикишлар сабабли Жьюль Кунде, Рафинья ва Маркус Рэшфордни захирада қолдирганди.



